Первые исторические этапы участия женщин в жизни политических партий в годы независимости Узбекистана
Аннотация
В данной статье рассмотрены первые исторические этапы деятельности женщин в жизни политических партий в годы независимости Узбекистана, основные направления деятельности «Женского крыла» в политических партиях в 1991-2017 гг., работа, проводимая по повышению социальной и политическая активность женщин, роль женщин в республике в процессе демократических преобразований, участие в государственном управлении и исполнительной власти, формирование парламента в политической жизни нашей страны и в ней. анализируются вопросы, связанные с участием женщин, активностью женщин как активисток политических партий в избирательных процессах.
Ключевые слова:
Женщины политические партии Олий Мажлис общественно-политическая деятельность активные женщины Сенат Законодательная палата.“Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлади.” Ш. М. Мирзиёев
Ер юзадиги ҳар бир давлатнинг тараққиёт даражаси хотин-қизларининг фаолликлари билан баҳоланади. Хотин-қизлар жамиятнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган аҳоли қатлами эканлиги эътиборга олинса, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги иштироки мамлакатда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва демократлашув жараёнларини фаоллаштиришда муҳим ўрин тутишини англаш мумкин. Хусусан, Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “...мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 %ини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида, 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1 минг 75 нафари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 8 мингдан зиёд аёллар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимида фаолият юритади”. Уларнинг ҳар бири ўз фаолиятидан келиб чиқиб мамлакатимиздаги бешта сиёсий партиянинг бирига аъзодирлар.
Юртимизда аёлларга алоҳида эътибор берилаётганини шунда кўриш мумкинки, 1999 йил “Аёллар йили”, 2000 йил “Соғлом авлод” йили, 2001 йил “Оналар ва болалар” йили, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил “Обод турмуш йили” ва ниҳоят амалдаги 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинишида ва шу муносабат билан амалга оширилаётган эзгу ишлар, тадбирлар замирида ҳам аёлга ҳурмат, эҳтиром, жисмоний камолоти хусусида фикрлаш, қайғуриш ҳисси борлиги яққол намоён бўлади.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги таҳлил этилганда, қуйидаги соҳаларда уларнинг кенг иштироки кузатилди. 90-йиллар бошидаги маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 50,6 %ини (10 млн.дан ортиқ) хотин-қизлар ташкил этган бўлиб, уларнинг 2 млн.дан ортиғи халқ хўжалигининг турли соҳаларида иштирок этишган. Шунингдек, 51 % хотин-қизлар олий ва ўрта маълумотга эга бўлган. Хотин-қизлар ўртасида шифокорлар 60%, ўқитувчилар 65 %, давлат муассасаларида хизмат қилаётган ходимлар 70 %ни ташкил этган.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига келиб, 2016 йилда соғлиқни сақлаш вазирлиги юқори бўғинлари раҳбариятининг 62,1 %и, яъни тизимдаги 38 минг 23 нафар хотин-қизларнинг 606 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Халқ таълими вазирлигида 71,3 %и, умумтаълим мактаблари директорларининг 35 %и, директор ўринбосарларининг 47 %и, педагогларнинг бошланғич таълимда 89,5 %ини, ўрта махсус таълимда 64,4 %ини, мактабгача таълим муассасалари раҳбариятининг 100 %ини фаол хотин-қизлар ташкил этган. Шунингдек, жами 37 минг 546 та касаба Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси бошланғич ташкилотлари раҳбарларининг 44,6 %и ҳам хотин-қизлар бўлиб, улар 16 минг 942 нафарни ташкил этган.
Ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган демократик ислоҳотлар жараёнида республика хотин-қизларининг давлат бошқарувидаги ва ижро ҳокимиятидаги иштироки учун кенг имкониятлар яратилди. Республика Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1995 йил 2 март Фармони асосида Хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ҳокимият таркибига киритилиши бошқарувнинг шунчаки янги шакли бўлибгина қолмай, у ўз мазмун-моҳиятига кўра муҳим сиёсий-маънавий ва иқтисодий аҳамият касб этди.
Жамият ривожида аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда ва давлат бошқарувидаги иштироки даражасини аниқлашда қуйидаги омиллар муҳим мезон ҳисобланади:
давлат қарорларини қабул қилишда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли иштироки;
хотин-қизларнинг бошқарув органларидаги иштироки ва уларнинг сон миқдори ўсиб боришининг таъминланиши;
хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги;
хотин-қизларнинг бошқарув органларидаги иштирокига таъсир этадиган институционал (хотин-қизларнинг сиёсатга интеграциялашуви, сиёсий партияларнинг хотин-қизлар ҳаётига кенг кириб бориш имконияти) ва индивидуал (хотин-қизларнинг маълумотлилик даражаси, касбий малакаси, ҳуқуқий саводхонлиги, сиёсий фаоллиги) омиллар;
хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ва аёл етакчилар (лидерлар) тайёрлаш муаммолари;
хотин-қизларнинг бошқарув органларидаги фаоллигини оширишда давлат бошқаруви органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларининг ўрни.[4]
Айниқса, шу ўринда таъкидлаш керакки, хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий жараёнлардаги фаоллиги кўрсаткичининг муҳим омили уларнинг сиёсий партиялардаги иштироки билан белгиланади.
Ўзбекистон хотин-қизлари ўтган йиллар мобайнида кўппартиявийлик асосида ўтказилган сайловларда фаол иштирок этиб, Олий Мажлис, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари этиб сайландилар. 1992 йил дастлаб Олий Кенгашда 47 нафар аёл депутатлар бўлиб, умумий депутатлар сонининг 9,4%ини ташкил этган. 1994 йилда хотин-қизлар Олий Мажлис депутатларининг 6% (15 нафар), 1999 йилда эса, 9,4% (17 нафар)ни ташкил этган.
Ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган мураккаб ва давомли жараёндир. Парламентаризм принциплари асосида фаолият кўрсатувчи давлат институтлари билан боғлиқ масалалар Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатчиликнинг қарор топишига тааллуқли муаммолар силсиласида муҳим ўрин тутади. Чунки XXI асрнинг бошларига келиб оддий бир ҳақиқат — тўла ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Миллий парламентаризм ривож топишининг муҳим даври 2005 йил 28 январдан бошланди. Мамлакатимизда икки палатали Олий Мажлис доимий фаолият кўрсатадиган профессионал орган — Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудлар манфаатини ифода этадиган вакиллик органи – Сенатдан иборат парламент шакллантирилди. Парламентнинг ташкил топиши ва хотин-қизларнинг сайловларда иштироки учун БМТ хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг мақсадли тавсиясига кўра, 30%ли квотанинг берилиши натижасида Қонунчилик палатаси депутатларининг 18% ва Сенат депутатларининг 15% хотин-қизлардан сайланди. 159 нафар депутатликка номзод аёллардан фақат 21 нафари амалда депутатликка сазовар бўлишди. Сайловчиларнинг атиги 17%и аёл депутатлар учун овоз беришди. Натижада 2005 йилда аёл депутатлар кўрсаткичи 16 %га етди. Ваҳоланки, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўтказилган сайлов якунлари бўйича жами сайланган депутатларнинг 7 %ини хотин-қизлар ташкил этган эди.
Шунингдек, 2007 йил 11 апрелда қабул қилиниб, 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши ҳам хотин-қизларни сиёсий жараёнларга кенгроқ жалб этиш, қонунлар ва қарорлар қабул қилишда эркаклар билан бир қаторда хотин-қизларнинг ҳам тенг иштирок этишларига имкон яратди.
2009 йилги парламентнинг қуйи палатасига ўтказилган сайловда барча номзодларнинг 31 %ини аёллар ташкил этган бўлса, сайлов якунларига кўра бу кўрсаткич Қонунчилик палатасида 22 % (33 нафар)ни, Сенатда эса 15%ни таъминлади. Маҳаллий вакиллик органларида фаолият кўрсатаётган аёллар эса жами депутатлар сонининг 20 %идан ортиғини ташкил этган.[5] Мазкур йилги олий вакиллик органларига бўлган сайловларда ҳар бир сиёсий партиядан аёллар депутатликка номзод этиб кўрсатилган бўлсада, натижа белгиланган квотани таъминламади. Хусусан, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Андижон, Сурхандарё, Қашқадарё вилоятларидан кўрсатилган номзодлар 30 %дан ҳам юқори бўлган бўлсада, айнан шу ҳудудларда сайловлар якуни кутилган натижани бермади. Бундай ҳолатни бошқа вилоятлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни Қорақапоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгашида депутат аёллар улуши 9,4%; вилоят Кенгашларида – Самарқандда 5%, Фарғонада 6,6%, Сирдарёда 8%, Наманганда 11,6%, Хоразмда 13,3%, Қашқадарёда 13,5%, Бухорода 18,3%, Тошкент вилоятида 18,6%; туман (шаҳар) Кенгашларида Андижон, Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидан бошқа ҳудудларда депутат аёллар улуши жами депутатлар сонининг 20 %ини ҳам ташкил этмаган эди.
Маълумки, 2014 йилдаги сайловлардан сўнг 24 нафар хотин-қизлар Қонунчилик палатасида депутат сифатида фаолият кўрсатиб, 18 %ни, Сенатда 15 %ни, ижро этувчи органларда 3,4 %ни ташкил этди. 2018 йил маълумотларига қараганда, хотин-қизлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида 1 минг 75 нафардан иборат, Тошкент шаҳар кенгашида бу кўрсаткич 64 нафар депутатдан 14 нафарини (23,3 %), туман кенгашларида эса 72 нафар аёл-депутатлар бўлиб, ўртача 22 %ни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибида эса хотин-кизлар салмоғи 3%ни ташкил қилади. Умуман, ҳокимият тармоқлари таркибида хотин-қизлар улушининг ўртача кўрсаткичи 15,5%ни, 2006 йилда 15,9 %ни ташкил қилган. 2011 йилги маълумотларга кўра, ижроия ҳокимияти тизимида, бошқарув органларида аёллар 15,3 %ни, Вазирлар Маҳкамасида 16,7 %ни ташкил этди. Ваҳоланки, 2005 йилда эса бу кўрсаткич 3,2 %ни ташкил этган. Конституцион суд тизимида 20 %, Олий суд тизимида 14,6 %, хўжалик судлари тизимида 15,8 %, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг 25 % ни аёллар ташкил этди 2015 йилда эса ижро этувчи органларда 3,4 %ни, Конституцион суд тизимида 20 %, Олий суд тизимида 14,6 %, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида – 20,4 %ини хотин-қизлар ташкил этган.
Сиёсий партиядаги фаол аёлларнинг тажрибасини орттириш мақсадида доимий ўқувлар ҳамда турли танловлар ўтказиб келинган. Хусусан, “Аёл баркамол авлод тарбиячиси”, “Энг намунали маҳалла маслаҳатчиси”, “Адолатли қайнона”, “Энг адолатли аёл” каби танловлар шулар жумласидандир.
Агар хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини халқаро миқёсда таҳлил этиладиган бўлса, 2000 йилда жаҳон миқёсида парламентга сайланганларнинг 14%ини ташкил қилган. 2018 йил маълумотларига кўра, дунёда 5 нафар аёл – давлат раҳбари бўлиб, бу умумий кўрсаткичнинг 5 %и демакдир. Жаҳонда бор-йўғи 16 % аёл вазир сифатида фаолият юритади. Таҳлилларга кўра, кўпинча уларга ижтимоий соҳалар, аёллар ва болалар муаммоларини ҳал қилиш каби вазифалар топширилади. 2018 йил 7-8 ноябрь кунлари бўлиб ўтган аёлларнинг жамиятдаги ўрнига бағишланган халқаро конференция иштирокчиси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Хелена Фрейзер қайд этишича: “Вазирлик ва парламентлардаги аёллар сони дунёда ўртача 20 %ни ташкил қилади. Бу ҳатто 1995 йилда Пекин платформасида белгиланган 30 %лик мақсадли кўрсаткичдан камдир. Ҳозирги суратларда давом этадиган бўлса, 2025 йилга бориб кўп мамлакатларда бу кўрсаткичлар сони ошиши аниқ. Шунга қарамай, ишончимиз комилки, раҳбар лавозимларда аёллар ролининг кенгайиши барча мамлакатлар ривожланишга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин”.
Жаҳон миқёсида хотин-қизларнинг давлат бошқаруви ва жамиятдаги иштироки таҳлили шуни кўрсатадики, Швецияда бу кўрсаткич 47 %ни ташкил этади. 1995 йилда эса дунёда биринчи бўлиб эркаклар билан аёллар сони тенг бўлган Вазирлар Маҳкамаси тузилган
Россия парламенти мисолида кўрилганда, 2018 йили Давлат Думасида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар сайланганларнинг умумий салмоғида 14 %ни, умуман олганда эса, давлат ҳокимияти органларида ишловчиларнинг 70,6 % ни ташкил этади.
Қозоғистон Республикасида эса хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ҳам ортиб бораётганлигини қуйидаги рақамларда кўриш мумкин: Сенат таркибида 3 нафар аёл, Мажлис таркибида 28 аёл, яъни жами депутатларнинг 26,1% ини хотин-қизлар ташкил этади. Қозоғистон Республикаси Олий суди таркибида фаолият юритаётган хотин-қизлар 36,4%; Ҳукумат таркибида 13 нафар вазирларнинг 2 нафарини ташкил этган ҳолда, умумий давлат бошқарувида хизмат қилувчилар ҳиссаси 11%ни ташкил этади.
Қўшни мамлакат Туркманистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашга, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг роли ва мавқени оширишга, миллий қонунчиликда халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда гендер тенглигини таъминлашга аҳолида эътибор берилади. Хусусан, Туркманистон миллий парламентида хотин-қизлар аъзоларнинг 3/1 қисмини, иқтисодий банд аҳолининг 44 %идан ортиғи ҳамда нодавлат ташкилотларда ишловчилар эса 47 %ни ташкил этади.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалар асосида шуни таъкидлаш керакки, жаҳон миқёсида хотин-қизларга бўлган муносабат тубдан ўзгараётганлигини кузатиш мумкин. Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда ҳам тўлақонли иштирок этиши, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, давлат хавфсизлиги, ички ва ташқи сиёсат масалаларида фаол иштирок этиши одатий жараёнга айланди. Глобаллашув шароитида хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ва жамият томонидан уларнинг қўллаб-қувватланиши ҳар бир давлатнинг илғорлиги, тараққий этганлик даражаси ва тутган мавқеини белгилаб беради.
Ўзбекистон давлати ўз стратегиясида аёлларни ижтимоий муҳитнинг таъсирини фаоллик билан қабул қилиш, давлат ва жамиятда ўз ўрни ва мавқеини ошириш, фарзандлар тарбиясини ижтимоий фаолият билан мутаносиб ҳолда олиб бориш орқали ҳақиқий сиёсат субъекти бўлишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон Республикаси парламентида фаолият юритган аёллардан: Д.Тошмуҳамедова, М.Раджабова, С.Ортиқова, К.Джумамуратова; Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари лавозимида Д.Ғуломова, С.Инамова, Ф.Акбарова, И.Баситханова; Т.Норбоева – 1995-2010 йилларда бош вазир котибияти мудири, “Оила” ва “Оналик ва болалик” ташкилотининг раҳбари, 2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси, 2016-2019 йилларда Бош Вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2019 йил июнь ойидан Сенат раиси; С.Рашидова – 1995-2015 йиллар давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман; Г.Саидова – Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси, 2011-2017 йилларда Иқтисодиёт вазири; Ф.Абдураҳимова – Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси шулар жумласидандир.
Таниқли сиёсатшунос олима профессор Э.Султанова фикрига кўра, хотин-қизлар учун, сиёсий майдонда қулайроқ шароитларни таъминлайдиган омил қандай бўлиши кераклигини таҳлил қилган бўлиб, унга кўра, агар хотин-қизларнинг сиёсат майдонидаги улуши 15% дан кам бўлса, у ҳолда жамиятда жиддий номутаносиблик вужудга келади. Мувозанат эса эркаклар ва аёлларнинг улуши 40% бўлгандагина таъминланади.
Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан Конституция ва Қонунларда улар манфаатларини муҳофазасига қаратилган имтиёз ва қулайликларни амалиётда қўллаш, белгиланган квотани тўлиқ эгаллаш, кучли сиёсий ва ҳуқуқий билимга эга депутат ва раҳбар хотин-қизларнинг заҳирасини тайёрлаш учун сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Маълумки, аёлларнинг сиёсий жараёнларда қатнашувининг энг самарали йўли уларнинг мамлакат сиёсий партиялари сафидаги иштирокидир. Жумладан, ЎзЛиДеП “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш” бўлими ва гуруҳлари томонидан ҳам хотин-қизлар ўртасида партиянинг мақсад ва вазифаларини, либерал-демократик ғоялар ва қадриятларни тарғиб этиш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини ошириш, шунингдек ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлаш, партия сафига хотин-қизларни жалб этиш бўйича кўплаб ишларни амалга ошириш билан биргаликда ўз олдига қуйидаги аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинган. 2009 йилда ЎзЛиДеП аъзоларининг 36 % ини хотин-қизлар ташкил этган. Агар 2004 йилда 45767 нафар, 2005 йилда 48657 нафар аёл партия аъзоси бўлган бўлса, 2009 йилда уларнинг сони 57343 нафардан ошган . Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уларнинг 25 минг нафари партия электорати бўлган тадбиркорлардир. 2008 йилги маълумотларга кўра, 7392 та бошланғич партия ташкилотининг 1923 тасига хотин-қизлар раҳбарлик қилди.
2010 йилги маълумотларга кўра, “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари аъзолари таркибида ҳам хотин-қизларнинг салмоғи ортиб борган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотида умумий партия аъзоларидан 42,8 %, Андижон вилоятида 60,6%, Бухоро вилоятида 37,2%, Жиззах вилоятида 24,7%, Навоий вилоятида 45,5%, Наманган вилоятида 31,8%, Самарқанд вилоятида 34,3%, Сирдарё вилоятида 65,2%, Сурхандарё вилоятида 56,7%, Тошкент вилоятида 58,1%, Фарғона вилоятида 56,4%, Хоразм вилоятида 52,7%, Қашқадарё вилоятида 49,3%, Тошкент шаҳрида 44,8%ни ташкил этади. Умумий ҳисобда партия аъзоларининг 47,5%, ёки 73 846 аъзосидан 35090 хотин-қизлардир.
Адолат” СДП нинг “Хотин-қизлар қаноти” томонидан 2007 йилда 231 та тадбир ёки умумий партия тадбирларининг 11,30 %, 2008 йилда 2803 партия тадбиридан 282 таси ёки 10%, 2009 йилда умумий партия тадбирларининг 2236 тасидан 126 таси ёки 5,6%, 2010 йилнинг 15 декабрь санасигача эса умумий партиянинг 3184 та тадбирларидан 98 таси ёки 3,7% хотин-қизларнинг фаоллигини, уларнинг ижтимоий-сиёсий маданиятини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ташкил этилган. [18] Хусусан, 2010 йил 18 май куни Тошкент шаҳридаги “Малика” меҳмонхонасида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида хотин-қизлар фаоллигини ошириш стратегияси: ижтимоий-сиёсий фаоллик, иқтисодий эркинлик ва лидерлик қобилиятини шакллантириш масалалари” мавзуида семинар ташкил этилди. Бу каби чора-тадбирларни амалга оширишда бўлим томонидан Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия бошқармаси, ФҲДЁ, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Оила” илмий-амалий маркази, “Соғлом авлод учун” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ (2017 йилдан Ёшлар иттифоқи), “Сабр” ижтимоий-иқтисодий маркази, “Микрокредитбанк” акционерлик-тижорат банки билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Бунинг натижасида хотин-қизларнинг етакчи(лидер)лик сифатлари, сиёсий фаоллиги ошиб борганини 2010 ва 2016 йиллар мисолидаги қиёсий таҳлилда ҳам кўриш мумкин: “Адолат” социал-демократик партиясида – 50 %- 51 %, “Миллий тикланиш” демократик партиясида – 45 % - 48 %, Халқ демократик партиясида – 40,3 % - 49,3 %, Либерал-демократик партиясида эса 36 % - 38,2 %партия аъзоларини аёллар ташкил этган .
Сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишда қуйидаги омиллар муҳим роль ўйнайди:
ўз ғояларини электорати манфаати йўлида амалиётга жорий этиш ва уларда ишонч ҳосил қила олиш;
ўз ғоялари ортидан тарафдорларни эргаштира билиш ҳамда уларни руҳлантира олиш;
кадрлар заҳирасини шакллантириш кабилар шулар жумласидандир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аёллар фаоллигини мазмун ва моҳиятига кўра, уларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигида кўриш мумкин. Бироқ, ўтиш давридаги мавжуд ижтмоий-сиёсий жараёнлар аёлларнинг турмуш тарзи ва уларнинг жамиятдаги иштирокига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Айниқса, дастлабки мустақиллик йилларида, жамиятда миллий ўзликни англаш жараёни билан боғлиқ ҳолда миллий-маънавий қадриятларнинг қайта тикланиши туфайли аёлларнинг жамиятдаги анъанавий ва функционал вазифаларининг бевосита оила билан банд бўлиб қолишига олиб келди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат сиёсати, амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида аёлларнинг манфаатларини таъминлаш учун яратилган янги имкониятлар, уларнинг ижтимоий ҳимоя объектидан фаол шахсга айланишида, яъни уларнинг жамиятдаги мавқеини ўзгартиришда зарурий шарт сифатида муҳим роль ўйнади.
Библиографические ссылки
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқи // Халқ сўзи, 2018. 7 март.
ЎзМА. М-69 фонд, 1-рўйхат, 88-иш, 52-варақ.
Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш ва турмуш даражаси. Статистик тўплам.–Тошкент, 2016.
Ганиева Г.Ж. Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласи: янгича ёндошув, муаммолар ва ечимлар. Т.ф.н.илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. –Т.: 2006. –Б. 38-40.
Ғуломова Д. Ўзбекистон хотин-кизлари мустақиллик йилларида//Мустақил Ўзбекистон тарихининг дастлабки саҳифалари. –Тошкент: Шарқ, 2000. -Б.138.
ЎзМА. М-69 фонд, 1-рўйхат, 88-иш, 54-варақ.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси жорий архиви, 2009 йил ҳисоботи.
Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг VI ҳисобот сайлов конференцияси ҳужжатлар тўплами. –Тошкент, 2018. –Б.37.
Центр изучение общественного мнения “Ижтимоий фикр” и Фонд имени Фридриха Эберта / Женщины независимого Узбекистана (результаты социалогического исследования). Под редакцией Р.Убайдуллаевой и Р.Крумм. – Ташкент, 2015. –С.56.
Хелена Фрейзер: “Раҳбар аёлларнинг кўпайиши барча мамлакатлар ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади” // www.wcu.uz.
Женщины мира: Тенденции и статистика ООН. – Нью-Йорк, 1995. – С.207.
Зимин В.А. Женщины России в политике и структурах власти. // https://cyberleninka.ru/article/v/zhenschiny-rossii-v-politike-i-strukturah-vlasti.
Сарбаева Р.Е. Женщины Казахстана в политике и на международной арене: гендерная проблематика. // https://articlekz.com/article/16679
Защита прав и законных интересов женщин Туркменистана – государственное дело // http:// infoabad.com/ obschestvo-i-yekonomika/zaschita-prav-i-zakonyh-interesov-zhenschin-turkmenistana-gosudarstvenoe-delo.html
Султанова Э.С. Аёл давлатнинг ривожланиш стратегиясида (Глобал муаммо сифатида). – Тошкент: ЖИДУ, 2005, – Б.99.
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш” бўлими жорий архиви, 2008 йил маълумотлари.
Ўзбекистон “Адолат” СДП нинг 2010 йил “Баркамол авлод йили” Давлат дастурини амалга оширишда “Аёллар қаноти”нинг йиллик ҳисоботидан. “Адолат” СДП жорий архиви.
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти”бўлими жорий архиви. 2007, 2008, 2009, 2010 йиллик ҳисоботларидан.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси жорий архиви, 2010 йил маълумотлари.
Опубликован
Загрузки
Как цитировать
Выпуск
Раздел
Лицензия
Copyright (c) 2025 Дилрабо Чориева

Это произведение доступно по лицензии Creative Commons «Attribution» («Атрибуция») 4.0 Всемирная.
